Президент матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларини табриклади

Президент Шавкат Мирзиёев 27 июнь — Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан соҳа вакилларини табриклади. Табрик матни Президент матбуот хизмати томонидан эълон қилинди.

Давлат раҳбари ўз мурожаатида матбуот ходимларининг Ватан манфаатларини ҳимоя қилишдаги фидокорона хизматини эътироф этиб, уларни Ватан посбонларига қиёслади.

Шунингдек, у ОАВда холислик, қонун устуворлиги, касбий маҳоратни ошириш, замонавий ахборот технологияларини ўзлаштириш ҳамда жамиятдаги муаммоларга қарши курашиш каби масалаларда қилинадиган ишлар ҳали кўп эканини таъкидлади.

Президент жорий йилдан бошлаб «Олтин қалам» миллий мукофоти илк бор 27 июнь санасида топширилаётганини қайд этди ҳамда мукофот соҳибларини, шу куни тантанали равишда тақдирланган барча танлов ғолибларини ва давлат мукофотларига сазовор бўлган журналистларни табриклади.

Ўзбекистон