Олмазор ва Юнусободнинг айрим маҳаллаларида 5 кун электр таъминоти тўхтатилди
18−22 апрель кунлари Тошкент шаҳри Олмазор ва Юнусобод туманларининг айрим ҳудудларида электр таъминоти вақтинча тўхтатилади, деб хабар берди шаҳар электр тармоқлари корхонаси.
Бу ҳолат Л-ДОК-1 ва Л-ДОК-2 юқори кучланишли электр узатиш линияларини модернизация қилиш лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишлар билан боғлиқ, тушунтирди ташкилот. Эскирган ҳаво тармоқлари замонавий кабель инфратузилмасига алмаштирилиши керак.
«Таъмирлаш ишлари мавжуд коммуникация ва электр тармоқларининг жисмоний ва маънавий эскиргани сабабли зарур бўлмоқда. Мутахассислар тавсиясига кўра, бу жараён айнан баҳор фаслига — иссиқ об-ҳаво ва юқори юклама давридан аввалги даврга режалаштирилди. Бу узилишлар аҳоли томонидан нисбатан енгилроқ қабул қилинишига имкон беради», — дейилади хабарда.
Ишларнинг сифати, хавфсизлиги ва тезкорлигини таъминлаш, шунингдек, ёз мавсумида фавқулодда узилишларнинг олдини олиш мақсадида қуйидаги куч ва воситалар сафарбар этилади:
• махсус техника — 39 та;
• техника — 20 та;
• бригадалар — 6 та;
• ходимлар — 132 нафар;
• 21 672 метр электр кабели янгисига алмаштирилади.
Олмазор туманида узилишлар қуйидаги маҳаллаларни қамраб олади: Аҳил, Элпарвар, Иброҳим ота, Гулзор, Қорасарой, Олтинсой, Мояриқ, Мискин. Шунингдек, мазкур ҳудудлардаги улгуржи ва хусусий истеъмолчи объектлар ҳам вақтинча электр таъминотидан узилади.
Юнусобод туманида эса узилишлар Астраобод, Туркистон, Минг чинор, Нурмакон, Собиробод, Ҳамкоробод, Катта Ҳасанбой, Шарқ ҳақиқати, Регистон, Йўлариқ, Уч қаҳрамон маҳаллаларини қамраб олади.
Электр таъминотидаги узилишлар ҳар куни соат 8:00 дан 18:00 гача, яъни тармоқдаги энг паст юклама вақтларида амалга оширилади.
Поликлиника, мактаб, боғча каби ижтимоий соҳа муассасалари кўчма дизель генераторлари орқали барқарор электр энергияси билан таъминланади.