Андижон ва Тошкентда мансабдор шахслар пора билан ушланди
Андижон ва Тошкентда ҳоким ўринбосарлари ва бошқа мансабдорлар пора олаётган пайтда қўлга олинди. Бу ҳақда ДХХ хабар берди.
Қайд қилинишича, Андижон вилоятининг Хонобод шаҳри ҳокими ўринбосари ва аввал судланган МЧЖ раҳбари тадбиркорга 4 гектар ер ажратиб бериш эвазига $20 минг олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинди. Ер тадбиркор томонидан матрас, профнастил ва болалар тагликлари ишлаб чиқариш корхонаси ташкил этиш учун сўралган.
Яна бир ҳолатда Андижон тумани ҳокимининг собиқ ўринбосари, Андижон шаҳри статистика бўлими бошлиғи ҳамда яна икки киши 6 гектар ер майдонини «Ипак йўли» эркин иқтисодий зонаси ҳудудидан аукцион орқали олиби бериш эвазига $600 минг талаб қилиб, шундан $150 минг олганида қўлга олинган.
Мазкур ишда Рақобат қўмитасининг Андижон вилояти бошқармаси собиқ биринчи ўринбосари — ҳозирда хусусий бандлик агентлиги раҳбари сифатида фаолият юритаётган фуқаронинг ҳам алоқадорлиги аниқланган. У аввалроқ бу ёрдам эвазига $11 минг олгани аниқланган.
Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманида эса Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси бўлими бошлиғи фуқаронинг меҳнат дафтарчасини тиклаб, пенсияга чиқариб бериш эвазига $1,5 минг олган вақтида ушланган. Мазкур шахс илгари Жиноят кодексининг 167-моддаси билан судланган бўлган.
Барча ҳолатлар бўйича жиноят ишлари қўзғатилиб, гумонланувчиларга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.