Андижонда 21,5 млн сўм ноқонуний онлайн кредит расмийлаштирган шахс ушланди

Хоразм вилоятида яшовчи О.С. ички ишлар органига мурожаат қилиб, уларнинг номига номаълум сабабларга кўра 21,5 млн сўм онлайн кредит олиниб, пуллари ўзлаштирилганлигини маълум қилган. Бу ҳақда Киберхавфсизлик маркази хабар берди.

Қайд этилишича, ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, мазкур жиноятни Андижон вилоятида яшовчи Қ.Б. содир этганлиги аниқланган.

Гумонланувчи сифатида тергов органларига жалб этилган Қ.Б. жабрланувчи О.С. билан Теlegram орқали танишиб, унга Uzum Nasiya платформаси орқали онлайн кредит олиб беришини айтган.

Сўнг унинг номидан рўйхатдан ўтиб, 21,5 млн сўм кредит маблағини расмийлаштириб, пулларни ўзининг банк картасига ўтказиб олган.

Мазкур ҳолат юзасидан Қ.Б.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Андижон