Индонезияда қайиқ ҳалокати оқибатида 11 киши бедарак йўқолди

Ғарбий Суматра вилоятига қарашли Ментаваи ороллари яқинида қайиқ ағдарилиб кетиши оқибатида 18 йўловчидан 7 нафари қутқарилди, 11 киши эса бедарак йўқолган. Бу ҳақда Al Jazeera хабар берди.

Қайд қилинишича, қайиқ Ментаваининг Сикакап шаҳридан Туапежат шаҳарчасига ҳаракатланаётган бўлган. Қайиқ бортида 10 нафар маҳаллий ҳукумат вакиллари бўлган. Ҳалокат душанба куни маҳаллий вақт билан соат 11:00 да юз берган.

Ҳозирда воқеа жойида ўнлаб қутқарувчилар ва икки қутқарув кемаси ёрдамида излаш ишлари олиб борилмоқда. Маҳаллий қидирув хизматлари жабрланганларнинг барчасини топиш учун ҳалокат юз берган ҳудудни тўлиқ кўздан кечирмоқда.

Ҳодиса сабаби аниқ маълум қилинмаган. Бунга ёмон об-ҳаво шароити ва хавфсизлик қоидаларига етарлича амал қилинмаслиги сабаб бўлаётгани таъкидланмоқда.

Жаҳон