Ўзбекистонга контрабанда йўли билан телефон ва дори олиб ўтмоқчи бўлганлар қўлга олинди
Қирғизистоннинг Ўш вилоятида Ўзбекистонга мобил телефонлар ва тақиқланган дори воситаларини контрабанда йўли билан олиб ўтишга уринган уч нафар шахс қўлга олинди. Бу ҳақда 24.kg нашри хабар берди.
Расмий маълумотларга кўра, гумонланувчилар товарларни «чегарадаги заиф ҳудудлар» орқали ноқонуний равишда олиб ўтган. Олиб борилган тезкор тадбирлар давомида контрабанда маҳсулотларини вақтинча сақлаш жойлари ва гумонланувчиларнинг яшаш хонадонларида тинтув ўтказилган.
Натижада божхона тўловларисиз ва рухсатсиз олиб кирилган, айримлари эса бутунлай тақиқланган iPhone русумидаги мобил телефонлар аниқланиб, мусодара қилинган. Шунингдек, контрабанда таркибига кирувчи дори воситалари ҳам аниқланган.
Ҳозирда гумонланувчилар Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг тергов изоляторига жойлаштирилган. Мазкур ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари давом этмоқда.