Айрим таълим ташкилотлари ошхоналари тадбиркорларга аукцион орқали ижарага берилади
Таълим ташкилотларида соғлом овқатланиш ташкил этилиши мониторинг ва назорат қилинади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.
Вазирлар Маҳкамасининг 132-сон қарорига қуйидагиларни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди:
• умумий ўрта ва ўрта махсус, касбий таълим ташкилотлари ошхоналарини тадбиркорлик субъектларига “E-auksion” электрон савдо платформаси орқали танлов асосида ижарага бериш;
• “online-ijara.uz” ахборот тизими орқали таълим ташкилотлари ошхоналарининг ҳисобини юритиш ва уларни ижарага бериш;
• таълим ташкилотларида соғлом овқатланиш ташкил этилишини мониторинг ва назорат қилиш;
• республика ижро этувчи ҳокимият органлари номларини қонунчилик ҳужжатларига мувофиқлаштириш.
Қуйидаги талабларга жавоб берадиган ижарага олувчилар танловда иштирок этишлари мумкин:
• тадбиркорлик фаолиятини юритиш учун давлат рўйхатидан ўтган;
• умумий овқатланиш бўйича камида 6 ой давомида фаолият юритаётган;
• ошхона фаолияти йўналиши бўйича махсус жиҳозларга эга бўлган;
• шартнома ва суд ҳужжатлари бўйича зиммасида ижара ҳамда солиқ тўловларидан қарздорлиги мавжуд бўлмаган.