Ўзбекистонда ўз-ўзига хизмат кўрсатиш имкониятига эга «Ақлли» миграция шохобчалари ишга туширилади
Ўзбекистонда ўз-ўзига хизмат кўрсатиш имкониятига эга «Ақлли» миграция пунктлари фаолияти йўлга қўйилади.

Мазкур чора Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 11 мартда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасида шахсга доир маълумотларни ҳимоя қилиш фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони ижросини таъминлаш, шунингдек миграция ва персоналлаштириш соҳасида бошқарув тизимини такомиллаштириш мақсадида назарда тутилган.
Ҳужжатга кўра, 2026 йил 1 майдан бошлаб эксперимент тариқасида Тошкент, Самарқанд ва Фарғона вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида биттадан туман ички ишлар органлари миграция ва персоналлаштириш бўлинмаларида ўзига ўзи хизмат кўрсатиш имконияти яратилган, сунъий интеллект асосида фаолият юритадиган «Ақлли» миграция шохобчалари (Smart migration stations) ташкил этилади.
Қайд этилишича, эндиликда Ички ишлар вазирлиги томонидан ўз-ўзига хизмат кўрсатиш турлари кенгайтириб борилади.
Шунингдек, Ички ишлар вазирлиги 2027 йил 1 майга қадар эксперимент натижасидан келиб чиқиб, «Ақлли» миграция шохобчаларини республиканинг бошқа ҳудудларида, шунингдек, савдо ва кўнгилочар марказлар, туристик ҳудудларда ҳам ташкил этиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритади.





