Ўзбекистонда Алишер Навоий номидаги халқаро ўзбек тили олимпиадаси ташкил этилади

Олимпиада ғолиб ва совриндорлари олтин, кумуш, бронза медаллари, диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланади.

Ҳукумат қарори билан «Алишер Навоий номидаги халқаро ўзбек тили олимпиадасини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида»ги низом тасдиқланди.

Низом Алишер Навоий номидаги халқаро ўзбек тили олимпиадасини ташкил этиш тартибини белгилайди. Хусусан, халқаро олимпиадада 14-18 ёшдаги чет элда истиқомат қилувчи ватандош бўлган мактаб ўқувчилари якка ёки жамоавий тарзда ихтиёрий равишда иштирок этади.

Халқаро олимпиада ҳар йили октябрь ойигача 2 босқичда (тест топшириқлари ва ёзма иш шаклида) ўтказилади. Иштирокчилар жамоавий ёки якка тартибда оффлайн ва онлайн шаклда иштирок этишлари мумкин.

Хорижий давлат терма жамоалари таркиби 6 нафаргача иштирокчи ва 1 нафар жамоа раҳбаридан иборат бўлади.

Хусусан, 1 та давлатдан 3 тагача терма жамоа иштирок этишига рухсат берилади:
 
• 1-босқичда (тест) иштирокчилар умумий 50 балл билан баҳоланадиган 30 та тест топшириқларини бажарадилар;

• 2-босқичда (ёзма иш) иштирокчилар Ҳакамлар ҳайъати томонидан тақдим этилган 5 тагача ёзма иш (эссе) мавзулари орасидан қуръа ташлаш йўли билан танланган 1 та мавзу асосида ижодий иш ёзадилар.

Олимпиада ғолиб ва совриндорлари олтин, кумуш, бронза медаллари, диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланади.

Ўзбекистон