Сертификатга эга ўзбек тили ўқитувчиларига ҳам 50% устама берилади
Мактаблардаги ўзбек тили (давлат тили) фани ўқитувчиларига ҳам устама тўланади. Бу ҳақда Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова маълум қилди.
Мактаблардаги ўзбек тили (давлат тили) фани ўқитувчиларимиз учун ажойиб янгилик. Ўзбекистон Республикаси президентининг «Ўзбекистон – 2030» стратегиясини «Атроф-муҳитни асраш ва «яшил иқтисодиёт» йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида»ги фармони қабул қилинди, дейди вазир Telegram саҳифасида.
Фармонга кўра, 2025 йил 1 февралдан бошлаб Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидаги умумий ўрта таълим муассасаларида ўзбек тили (давлат тили) фани бўйича дарс берувчи ҳамда Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг миллий баҳолаш тизимида олинган тегишли даражадаги ўзбек тили ва адабиёти сертификатига эга бўлган педагог кадрларга уларнинг тариф ставкасига нисбатан 50 фоиз миқдорида ҳар ойлик қўшимча устама тўланади.