Барча мактаб битирувчилари ўзбек тилидан давлат имтиҳони топшириши шарт
Жорий йилдан бошлаб таълим ўзбек тилида олиб борилмайдиган умумтаълим мактабларининг 11-синф битирувчилари ҳам давлат тилидан якуний имтиҳон топшириши шарт. Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова 20 февраль куни бу ҳақдаги буйруқни имзолади.
Ҳужжат билан якуний давлат аттестацияси ўтказиладиган фанлар рўйхати, имтиҳонлар шакли, умумтаълим фанлари ва чет тилларини билиш даражасини баҳоловчи миллий ва халқаро миқёсда тан олинган сертификатлар рўйхати тасдиқланди.
9-синф ўқувчилари учун якуний давлат аттестацияси қуйидаги фанлар бўйича ўтказилади:
— она тили ва адабиёти (таълим ўзбек тилида олиб бориладиган синфлар учун) — ёзма;
— давлат тили (таълим ўзбек тилида бўлмаган синфлар учун) — ёзма;
— математика — ёзма;
— Ўзбекистон тарихи — ёзма/оғзаки;
— жисмоний тарбия — амалий шаклда.
11-синф ўқувчилари учун якуний давлат аттестацияси:
— она тили ва адабиёти (таълим ўзбек тилида олиб бориладиган синфлар учун) — ёзма;
— давлат тили (таълим ўзбек тилида бўлмаган синфлар учун) — ёзма;
— математика (асосий/чуқурлаштирилган курс) — ёзма;
— тарих — ёзма.
Талабанинг хоҳишига кўра:
— она тили ва адабиёти (таълим қорақалпоқ, рус, қозоқ, туркман, тожик, қирғиз тилларида олиб бориладиган синфлар учун), биология, физика, кимё, давлат ҳуқуқи асослари, география — ёзма;
— чет тили — ёзма/оғзаки.