Ўзбекистон ва Гонконг ўзаро визасиз режим жорий этишни режалаштирмоқда
Томонлар ҳукуматлараро битим тузиш нияти тўғрисида вербал ноталар алмашдилар

Ўзбекистон ва Гонконг ўзаро визасиз режим жорий этиш тўғрисида ҳукуматлараро битим тузиш нияти бўйича вербал ноталар алмашдилар, деб хабар беради Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.
Хусусан, 3-июн куни Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Гонконг махсус маъмурий ҳудуди Администрацияси раҳбари Жон Ли Каччиу билан учрашди.
Музокаралар давомида инвестициялар, молия, рақамлаштириш, сунъий интеллект, транспорт ва логистика соҳаларидаги истиқболли йўналишлар муҳокама қилинди.
Учрашув давомида Ўзаро визасиз режимни ўрнатиш тўғрисидаги ҳукуматлараро Битимни тузиш нияти бўйича Вербал ноталар алмашилди, — дейилади хабарда.
Гонконгнинг халқаро молия ва бизнес маркази сифатидаги тажрибаси ҳамда салоҳияти Ўзбекистон иқтисодиётини модернизация қилиш ва илғор лойиҳаларни рўёбга чиқаришда муҳим ўрин тутишини таъкидланди.
Шунингдек, ҳудудлараро шерикликни ривожлантириш, ишбилармон доиралар ўртасидаги бевосита мулоқотларни кенгайтириш ва қўшма ташаббусларни илгари суриш масалалари юзасидан фикр алмашилди.




