Тошкент вилоятидаги жазони ижро этиш колониясидан қочган 3 эркак ушланди
Тошкент вилояти Бўка ва Оҳангарон туманларидаги жазони ижро этиш колониясидан 29 декабрь куни қочган 3 эркак қўлга олинди.
Маълум бўлишича, 35 ёшли А.М., 30 ёшли У.А. ва 25 ёшли У.И. икки тумандаги жазони ижро этиш колонияларидан қочиб кетган. Аниқланишича, улар 5 январь куни Тошкент шаҳрига олиб бориб қўйишини айтиб, наманганлик Н.Ш. исмли эркакнинг машинасига чиққан. Улар Оҳангарон шаҳри ҳудудида ҳайдовчига хужум қилиб, 500 доллар, 100 минг сўм пул ва «RedMi Note-9» телефонини ўзлаштирган.
Шунингдек, жабрланувчининг оғзи, қўл ва оёқларини боғлаб, бошқарувида бўлган «Cobalt» автомашинасининг юкхонасига солиб, Жиззах шаҳрига ташлаб кетган.
Таъкидланишича, гуруҳ 7 январь куни андижонлик М.О. билан йўлкира нархини келишган ҳолда Тошкент шаҳрига олиб бориб қўйишини сўраган. Қайд этилишича, улар Тошкент вилояти Қибрай тумани ҳудудида ҳайдовчига хужум қилиб, 11 минг 650 доллар ва уяли телефонини олган. Шунингдек, навбатдаги жабрланувчи ҳам оёқ-қўли боғланиб, Тошкентнинг Яшнобод туманига ташлаб кетилган.
Ушбу ҳолатлар юзасидан тезкор ҳаракатлар олиб борилиб, ўғрилик жинояти билан беш маротаба судланган У.И. ҳайдовчилар кўмагида Фароғонада ушланган.
Қолаверса, 9 январь куни соат 20:45 атрофида 1992 йилда туғилган У.А. Қўқон шаҳридаги тунги клуб олдида қўлга олинган.
10 январга ўтар кечаси эса 1987 йилда туғилган А.М. Қўқон шаҳар Чарҳий мавзесида ушланган.