Ўзбекистонда оилавий тадбиркорликни ривожлантиришнинг йиллик кредит ставкаси 14 фоиз этиб белгиланди
«Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳолининг даромад манбаини кенгайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент қарори қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, 2022 йилда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури доирасида мақсадли жамғармалар ҳамда Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг ресурслари банкларга йиллик 10 фоизда жойлаштирилади.
Шунингдек, имтиёзли кредитлар йиллик 14 фоиз ставкада:
- аҳоли ҳамда тадбиркорларга — 3 ойдан 6 ойгача имтиёзли давр билан 3 йилгача;
- чорвачилик, балиқчилик ва паррандачилик учун — 1 йилгача имтиёзли давр билан 3 йилгача;
- боғдорчилик, узумчилик ва лимончилик, иссиқхона, қишлоқ хўжалиги техникаси ва асбоб-ускуналарни харид қилиш учун — 3 йилгача имтиёзли давр билан 7 йилгача;
- Ҳунарманд уюшмаси аъзоларига — 3 йилгача ҳамда айланма маблағларни тўлдириш учун 18 ойгача ажратилади.
Қолаверса, кредитлар ҳоким ёрдамчисининг тавсияси асосида берилиши айтилган. Таъкидланишича, чорвачилик учун кредитлар камида 10 дан 50 бошгача четдан келтирилган наслли чорва молларини боқиш учун кичик фермаларни ташкил этишга берилади.
Маълум бўлишича, 2022 йил 1 мартдан кредитлар тўлиқ рақамлашган ҳолда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурларининг ягона электрон платформаси орқали тақсимланади.





