Россиядаги ЙТҲда ўзбекистонлик ҳайдовчи ҳалок бўлди

Россиянинг Новгород вилоятида 16 март куни юз берган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида Ўзбекистоннинг бир нафар фуқароси ҳалок бўлди, яна бири жароҳатланди. Бу ҳақда 78.ru хабар берди.

Ҳодиса М-10 «Россия» автомобиль йўлининг 400-километрида юз берган. Москва томондан келаётган 33 ёшли ҳайдовчи (Ўзбекистон фуқароси) бошқарувидаги Chevrolet Lacetti хавфсиз масофани сақламаганлиги сабабли олдинда кетаётган 24 ёшли йигит ҳайдаётган Volkswagen билан тўқнашган.

Зарба оқибатида Chevrolet қарама-қарши йўналишга отилиб чиқиб, у ерда 63 ёшли ҳайдовчи бошқараётган DAF русумли юк машинасига урилган. Ҳодиса туфайли Chevrolet ҳайдовчиси тез тиббий ёрдам етиб келгунга қадар воқеа жойида ҳалок бўлган, унинг 33 ёшли йўловчиси эса турли тан жароҳатлари билан касалхонага ётқизилган.

Ҳозирда полиция ходимлари ҳодисанинг барча тафсилотларини ўрганмоқда. Воқеа жойида Давлат автоинспекцияси ходимлари ва қутқарув хизматлари фаолият олиб бормоқда. Маълумотларга кўра, ҳалок бўлган ва жабрланган шахслар Ўзбекистон фуқаролари ҳисобланади.

Ҳодисалар