Сенат озиқ-овқат хавфсизлиги тўғрисидаги қонунни маъқуллади

Олий Мажлис Сенатнинг 23 январдаги ялпи мажлисида «Озиқ-овқат хавфсизлиги тўғрисида»ги қонун маъқулланди.

Мазкур қонуннинг мақсади озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат. Қонун нормалари аҳолининг озиқлик қимматига эга бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари билан хавфсиз овқатланишини таъминлашга, самарали бозор механизмларини шакллантириш ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари ва хом ашёсини ишлаб чиқаришга нисбатан татбиқ этилади.

Қонунда озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгиланган. Хусусан, озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилишнинг минимал нормаларига мувофиқ озиқ-овқат маҳсулотлари ва хом ашёсининг айланма захирасини шакллантириш ҳамда аҳолини ижтимоий аҳамиятга молик асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан етарли миқдорда ва узлуксиз таъминлаш имкониятларини кенгайтириш шулар жумласидандир.

Бундан ташқари, давлат озиқ-овқат маҳсулотларининг қонунчилик ҳужжатларида белгиланган санитария, ветеринария, ветеринария-санитария, фитосанитария қоидалари ва нормаларига мувофиқ ишлаб чиқарилишини рағбатлантиради.

Ташқи иқтисодий фаолиятни фаоллаштириш, шунингдек, ижтимоий аҳамиятга молик асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотларининг экспорти ва импорти ўртасидаги мақбул мувозанатни сақлаш ҳам озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги давлат сиёсатининг йўналишларидан бири ҳисобланади.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида ваколатли давлат органи сифатида белгиланмоқда. Унга республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш, озиқ-овқат маҳсулотлари ва хом ашёсини ишлаб чиқариш билан боғлиқ фаолиятни қўллаб-қувватлаш бўйича таклифлар тайёрлаш, озиқ-овқат хавфсизлигига салбий таъсир этувчи омилларни ўрганиш асосида озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш жараёнларини такомиллаштириш ва ривожлантиришга доир қисқа, ўрта ҳамда узоқ муддатли стратегияларни ишлаб чиқиш каби бир қатор ваколатлар берилмоқда.

Шунингдек, қонунда озиқ-овқат маҳсулотлари танқислигига йўл қўймаслик бўйича давлат томонидан қандай чоралар кўрилиши, озиқ-овқат балансини шакллантириш, истеъмолчиларнинг ва хўжалик юритувчи субъектларнинг озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгилаб қўйилмоқда.

Сенаторларнинг қайд этишича, мазкур қонун Ўзбекистонда озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи нормаларни ягона ҳужжатга унификация қилиш ва тизимлаштириш, ушбу соҳадаги муносабатларни комплекс ҳуқуқий тартибга солишга хизмат қилади.

Қарорлар