Индонезияда паромда ёнғин чиқиши оқибатида 130 киши бедарак йўқолди
Индонезия соҳилларида Barcelona V (KM) паромида ёнғин юз берди. Бу ҳақда Channel News Asia хабар берди.
Ҳодиса оқибатида камида 5 киши, жумладан, ҳомиладор аёл ҳалок бўлган. CNN Indonesia эса 130 кишининг бедарак йўқолганини маълум қилган.
Ёнғин Талауд оролидан Манадо шаҳрига кетаётган паромнинг пастки палубаларидан бошланиб, қисқа фурсатда кеманинг барча қисмларига тарқалган. Ҳодиса Талис ва Биаро ороллари оралиғида, маҳаллий вақт билан тахминан соат 12:00 (Тошкент вақти билан 10:00)дa содир бўлган.
Ёнғин пайтида кемада ваҳима бошланган ва кўплаб йўловчилар денгизга сакраган. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда одамларнинг ёрдам сўраб қичқираётгани, паром палубасида тўпланган йўловчиларга ходимлар қутқарув нимчалари тақишда ёрдам бераётгани акс этган.
Қутқарув ишларига Индонезия ҳарбий-денгиз кучларининг учта кемаси ва маҳаллий балиқчилар сафарбар қилинган. Ҳозирга қадар 200 га яқин киши қутқарилган. Ёнғин сабаблари ҳозирча аниқланмаган.