Ўзбекистонда пенсия тизимини ислоҳ қилиш режалаштирилмоқда

Масъул шахсларга хориж тажрибасини ўрганиш ва хусусий ҳамда корпоратив пенсия тизимларини ташкил этиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини киритиш топширилди

Президент Шавкат Мирзиёев пенсия тизимини ислоҳ қилиш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди.

Тақдимотда жамғариб бориладиган пенсия тизими ривожланган мамлакатларда пенсия маблағлари иқтисодиёт учун узоқ муддатли ресурс вазифасини ўтаётгани қайд этилди.

Ҳисоб-китобларга кўра, мамлакатимизда пенсия тизими тўғри йўлга қўйилса, иқтисодиётга узоқ муддатли маблағларни жалб қилиш мумкин. Буни Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки ва Халқаро меҳнат ташкилоти экспертлари ҳам тасдиқламоқда.

Шу боис пенсия тизимини илғор хорижий тажриба асосида ислоҳ қилиш, жамғариб бориладиган, хусусий ва корпоратив пенсия тизимларини ривожлантириш зарурлиги таъкидланди.

Ҳозирда фуқаролар иш ҳақининг 0,1% жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағига ўтказилади. Ушбу маблағларга ҳисобланадиган йиллик 10% даромад банк омонатларидан қарийб икки баробар кам.

Шу муносабат билан мазкур тизимнинг жозибадорлигини ошириш ва аҳолини унда фаол иштирок этишга рағбатлантириш бўйича янги механизмлар таклиф қилинди.

Хусусан, ойлик иш ҳақи 7,6 миллион сўмгача (пенсия ҳисоблаш базавий миқдорининг 15 баравари) бўлган фуқаро жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағига иш ҳақининг 5%ни ўтказса, давлат томонидан қўшимча яна 2,5% миқдорида маблағ ажратиш кўзда тутилмоқда.

Ойлик иш ҳақи 7,6 миллион сўмдан юқори бўлган фуқаролар учун эса тўланган ижтимоий солиқнинг шу миқдордан ошган қисмининг 1%ни уларнинг жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағига ўтказиш таклиф этилди.

Пенсия миқдорини ҳисоблаш тартибини такомиллаштириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Амалда пенсия охирги ўн йиллик меҳнат фаолиятидаги беш йиллик иш ҳақидан ҳисобланади. Шунингдек, иш ҳақининг 6 миллион сўмдан юқори қисми ҳисобга олинмайди. Бу айрим ҳолларда фуқаролар пенсиясининг ўртача миқдори пасайишига олиб келмоқда.

Шу боис пенсия ҳисобланадиган иш ҳақи даврини 5 йилдан 20 йилгача узайтириш ҳамда паст даромад олинган айрим даврларни ҳисобдан чиқариш таклиф қилинди.

Шунингдек, 2027 йилдан бошлаб пенсия ҳисоблашда инобатга олинадиган иш ҳақининг юқори чегарасини ҳозирги 6 миллион сўмдан 6,6 миллион сўмга ошириш кўзда тутилмоқда.

Ҳисоб-китобларга кўра, янги тартиб асосида пенсияга чиқадиган фуқароларнинг пенсия миқдори ҳозиргига нисбатан 8%га ошиши мумкин.

Давлат раҳбари пенсия тизимидаги ўзгаришлар миллионлаб фуқароларнинг ҳаёти ва келажагига дахлдор эканини таъкидлаб, ҳар бир таклифнинг ижтимоий ва иқтисодий таъсирини пухта ҳисоб-китоб қилиш зарурлигини кўрсатиб ўтди.

Ўзбекистон