Покистонда қуролланган гуруҳ 450 йўловчини гаровга олди
Покистоннинг Белужистон вилоятида «Белужистон озодлик армияси» жангарилари йўловчи поездига ҳужум уюштирди. Поезда 450 нафар йўловчи бўлган. Бу ҳақда ТАСС хабар бермоқда.
Маҳаллий расмийларнинг маълумотига кўра, жангарилар темир йўл релсларини портлатиб, ҳаракатланаётган поездни тўхтатган ва унга қарата ўт очган. Ҳужум натижасида поезд машинсти яраланган.
Ҳодиса жойига хавфсизлик кучлари етиб келганидан сўнг, улар ва жангарилар ўртасида шиддатли отишма юзага келган. Ҳозирда расмийлар ҳодиса жойида назоратни тиклаш ва гаровга олинган йўловчиларни озод қилиш учун зарур чораларни кўрмоқда.
Белужистон вилоятида бундай ҳужумлар аввал ҳам содир бўлган бўлиб, жангарилар мустақиллик талаб қилиб келмоқда. Покистон расмийлари эса бу гуруҳларни мамлакат хавфсизлигига таҳдид деб ҳисоблайди.