Навоийда $1 000 порадан воз кечган ЙПХ ходими мукофотланди
Ҳайдовчининг отаси қоидабузарликка оид ҳужжатлар судга юборилмаслиги ва машина жарима майдончасига қўйилмаслиги учун инспекторга 1 000 доллар пора таклиф қилган.

Навоий вилоятида порадан воз кечган йўл-патрул хизмати ходими пул мукофоти олди.
Маълумотларга кўра, ЙПХ ходимлари Кармана тумани ҳудудида «Lacetti» автомобилини тўхтатишганда, ҳайдовчининг маст ҳолатда экани аниқланган. Шундан сўнг, ҳайдовчининг отаси қоидабузарликка оид ҳужжатлар судга юборилмаслиги ва машина жарима майдончасига қўйилмаслиги учун инспекторга 1 000 АҚШ доллари миқдорида пора таклиф қилган.
Ходим ушбу ҳолат ҳақида зудлик билан ички ишлар органларига хабар берган. Ўтказилган тезкор тадбир давомида фуқаро пулларни бераётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 211-моддаси (Пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилди. Ўз хизмат бурчига содиқ қолиб, порадан воз кечган ЙПХ ходими эса базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 баравари (12,3 млн сўм) миқдорида пул мукофоти билан тақдирланди.




