Шавкат Мирзиёев электропоездда Тошкентдан Бекобод шаҳрига келди

Президентга пойтахт ва Тошкент вилояти шаҳрини боғловчи йўналишда амалга оширилган ишлар тўғрисида маълумот берилди

Президент Шавкат Мирзиёев Тошкентдан Бекободга электропоездда етиб келди, деб хабар бермоқда давлат раҳбари матбуот хизмати.

Таъкидланишича, давлат раҳбарининг 2025 йил 27 декабрда қабул қилинган «2030 йилга қадар темир йўл транспортида маҳаллий йўналишларда йўловчи ташиш кўрсаткичларини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида ҳудудларда транспорт инфратузилмаси янгиланиб, маҳаллий қатновлар кенгайтирилмоқда.

Натижада аҳоли учун қулай ва сифатли транспорт хизматлари йўлга қўйилмоқда. Бекобод вокзалида президентга пойтахт ва мазкур шаҳарни боғловчи йўналишда амалга оширилган ишлар ҳақида ахборот берилди.

Хусусан, 192 километрлик «Тошкент – Бекобод» темир йўл қатнови кунига қарийб минг нафар, йилига эса 300 минг нафар йўловчига хизмат кўрсатиши режалаштирилган. Эндиликда унда олти вагондан иборат, 586 нафар йўловчига мўлжалланган электропоезд соатига 120 километргача тезликда ҳаракатланади.

Шунингдек, электропоездда йўловчилар учун барча зарур шароитлар яратилган. Хусусан, ногиронлиги бўлган шахслар учун махсус кўтаргичлар ўрнатилган. Вагонлар кондиционер ва иситиш тизимлари, юмшоқ ўриндиқлар, USB қувватлаш нуқталари ҳамда Wi-Fi тармоғи билан жиҳозланган. Шунингдек, видеокузатув тизимлари, электрон ахборот таблолари ва велосипедлар учун махсус жойлар мавжуд.

Тезкор электропоезднинг қатновга қўйилиши автомобиль йўлларидаги транспорт юкламасини камайтириш ва экологик тоза транспорт улушини оширишга хизмат қилади.

Президент темир йўл инфратузилмасини янада ривожлантириш, йўловчилар учун шароитларни яхшилаш, тармоқларни электрлаштириш ва темир йўлларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.

Шунингдек, давлат раҳбари вокзал инфратузилмаси, хизмат кўрсатиш сифати ва йўловчилар ҳаракатини самарали ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.

Ўзбекистон