Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин телефон мулоқотини ўтказди
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 8 август куни Россия етакчиси Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилди. Тарафлар икки томонлама ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалаларни кўриб чиқдилар.
Таъкидланишича, суҳбатда Россия етакчиси 6 август куни Москва шаҳрида АҚШ президентининг махсус вакили Стивен Уиткофф билан ўтказилган музокараларнинг асосий натижалари ҳақида маълум қилган.
Олий даражадаги келишувларни амалга ошириш доирасида Ўзбекистон-Россия кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашнинг амалий жиҳатлари ҳам муҳокама қилинган.
Мулоқот давомида ўзаро товар айирбошлаш ва инвестиция кўрсаткичларининг ўсиш суръатини таъминлаш, иқтисодиётнинг устувор тармоқларида кооперация лойиҳаларини жадаллаштириш, ҳудудлар даражасида сермаҳсул алоқалар, ишбилармонлик ва гуманитар алмашинувларни давом эттиришга қаратилган мувофиқлаштирилган чора-тадбирларни қабул қилишга алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, Ўзбекистон ва Россия етакчилари бўлажак учрашув ва тадбирлар режасини ҳам кўриб чиқилганлиги маълум қилинди.