Президентни ҳақорат қилганликда айбланган шахс Озарбайжондaн экстрадиция қилинди

Ўзбекистон фуқароси президентни ҳақорат қилганликда айбланиб, Озарбайжондан экстрадиция қилинди. Бу ҳақда Озарбайжон Бош прокуратураси хабар берди.

Қайд қилинишича, ўзбекистонлик О.Ю. президентни омма олдида ҳақорат қилганликда гумонланиб, халқаро қидирувга берилганидан сўнг 2024 йил апрель ойида Озарбайжонда қўлга олинган.

Озарбайжон Бош прокуратурасининг хабарига кўра, унга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланиб, у «Фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам ва ҳуқуқий муносабатлар тўғрисидаги конвенция» асосида Ўзбекистонга экстрадиция қилинди.

Унинг топширилиши Озарбайжон Адлия вазирлиги Пенитенсиар хизматининг махсус конвойи кузатувида амалга оширилган.

Ўзбекистон Жиноят кодексининг 158-моддасида президентни омма олдида, матбуот ёки интернет орқали ҳақорат қилиш 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши белгиланган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистон