Кучли таъсир қилувчи дори воситасини сотган фуқаролар аниқланди

Фарғона, Хоразм, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларида кучли таъсир қилувчи дори савдоси билан шуғулланган шахслар қўлга олинди. Бу ҳақида Прокуратура департаменти хабар бермоқда

Бош прокуратура департаменти томонидан туман ва шаҳарларда тезкор суриштирув тадбирлари ташкил этилган. Тадбирлар давомида Ўзбекистоннинг 4 та ҳудудида кучли психотроп дорилар сотган шахслар аниқланган.  

Бувайда туманида фуқаро М.Х. 6 дона «Тропикамид» ва 14 дона «Прегабалин» дори воситаларини А.А. га сотиш вақтида ашёвий далил билан ушланган.

Шунингдек, Урганч шаҳрида фуқаро Ж.М. 468 та кучли таъсир этувчи капсулани 1,5 млн сўмга сотаётганда қўлга олинган. 

Олтинсой туманида дорихона сотувчиси Х.Н. умумий қиймати 750 минг сўмлик 250 дона «BENZONAL» дори воситасини квитанциясиз сотаётган вақтида ашёвий далил билан ушланган. 

Шайхонтоҳур туманида дорихона сотувчиси М.С. шифокорнинг рецептисиз харидорга 3 қути «BENZONAL» дорисини сотаётган вақтда қўлга олинган. 

Ҳолат юзасидан қонунбузарларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган, тергов ҳаракатлари давом этмоқда, деб хабар берди Прокуратура департаменти ахборот хизмати.

 

Ўзбекистон