Андижонда 65 млн сўмни пора сифатида олган ҳоким ўринбосарлари ушланди
Андижон вилояти Бўстон тумани ҳокимининг инвестиция ҳамда қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосарлари катта миқдорда пора билан қўлга тушди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Хусусан, ушбу мансабдор шахслар ўзаро тил бириктириб, хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда, тумандаги фермер хўжаликнинг 500 минг АҚШ долларлик экспорт режасини сохта экспорт операциялари орқали ёпиб бериш эвазига 65 млн сўм миқдорида пора талаб қилишган.
Ҳоким ўринбосарлари жорий йилнинг август ойида сўралган пулнинг 25 млн сўмини аванс сифатида олади. Қолган қисмини эса, яъни 40 млн сўмни туман ҳокимининг инвестиция масалалари бўйича ўринбосари орқали олаётган пайтда ашёвий далиллар билан ушланди, — дейилади хабарда.
Ҳозирда ҳолат юзасидан мазкур мансабдор шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг 210-моддаси 2-қисми «в», «г» бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланди.