Тошкент—Андижон пулли автомобиль йўлини қуриш бўйича тендер ўтказилади
Транспорт вазирлиги Тошкент—Андижон пулли автомобиль йўлини давлат-хусусий шериклик асосида лойиҳалаштириш, қуриш, молиялаштириш, бошқариш ва техник хизмат кўрсатиш лойиҳаси биринчи босқичи бўйича тендер ўтказилишини эълон қилди.
Қайд этилишича, тендер Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Автомобиль йўллари қўмитаси иштирокида ташкиллаштирилади. Жаҳон банки кўмагида Arup and Partner’s (Буюк Британия), PWC (Ўзбекистон) ва CМS Cameron (Буюк Британия) консултантлар консорсиуми ҳукумат томонидан хусусий шерикни танлашга ёрдам бериш учун лойиҳанинг маслаҳатчиси сифатида жалб қилинган.
Лойиҳанинг 1-босқичи умумий узунлиги 171 километрни ташкил этиб, Тошкентдан Ангренгача бўлган автомобиль йўли ва Қамчиқ довонини лойиҳалаштириш, қуриш, молиялаштириш, бошқариш ва техник хизмат кўрсатишни ўз ичига олади. Лойиҳа концепцияси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2025 йил 21 январда тасдиқланди.
Тендер икки босқичда ўтказилади. Биринчи босқичда хусусий компаниялар дастлабки малакалашдан ўтиш учун ҳужжатларини топширади. Иккинчи босқичда дастлабки саралашдан ўтган компаниялар лойиҳа бўйича техник ва молиявий таклифларини тақдим этади. Тендерда ғолиб бўлган иштирокчи билан узоқ муддатли ДХШ битими имзоланади.
Автомобиль йўллари қўмитаси йўл қурилиш соҳасида ДХШ лойиҳаларида тажрибага эга бўлган барча қизиқувчиларни 2025 йил 21 апрель куни, Тошкент вақти билан соат 18:00 га қадар дастлабки малакани саралаш босқичи учун ҳужжатларини топширишга таклиф этди. Ариза топшириш бўйича кўрсатмалар ва малака талаблари ҳақида батафсил маълумот олиш учун дастлабки малака сўров (RFQ) ҳужжатига мурожаат қилиш лозим.