Андижонда ишчисини «самосуд» қилган шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилди

Андижон вилоятида бошқа бир аёлга нисбатан зўравонлик қилган фуқаро А.П.га нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда вилоят ИИБ хизмати хабар берди.

22 июль куни ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода Андижон шаҳри «Ҳунарманд» маҳалласида жойлашган кийим-кечак дўконида дўкон эгаси бўлган А.П. ўз қўл остида сотувчи бўлиб ишлаган С.С.га зўравонлик қилгани акс этган. Дастлабки маълумотларга кўра, можаро ўзаро қарз олди-берди масаласи ортидан юзага келган.

Ҳолат юзасидан Андижон вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 138-моддаси 2-қисми (зўрлик ишлатиб ғайриқонуний равишда озодликдан маҳрум қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, А.П. процессуал тартибда ушланди.

Тергов жараёни вилоят прокуратураси назоратига олинган.

Андижон вилояти ИИБ ушбу ҳолатга ўхшаш ноқонуний ҳаракатлардан жабрланган фуқароларни 102 рақамига ёки 74-223-59-52 телефон орқали мурожаат қилишга чақирди.

Ўзбекистон