Ваколатини суистеъмол қилган МИБ ходими 6 йилга қамалди

Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти Бекобод туман суди Мажбурий ижро бюросининг пора олаётган вақтида ушланган ходимига ҳукм чиқарди. Бу ҳақда ДХХ матбуот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, МИБ Бекобод шаҳар давлат ижрочиси (1989 й.т.) ўз мансаб ваколатларидан фойдаланган ҳолда ушбу туманда истиқомат қилувчи фуқаронинг алимент қарздорлиги учун қўйилган хорижга чиқиш тақиқини ечиб беришни ваъда қилади.

Ҳодим хизмати евазига танишидан 20 миллион сўм талаб қилади.  Аммо 13 миллион сўмини пора тариқасида олган вақтида, ашёвий далиллар билан жиноят устида қўлга олинади.

Бундан ташқари, давлат ижрочиси ушбу хизмати эвазига муқаддам 450 АҚШ доллари ва 1 млн 300 минг сўм ҳам олгани фош бўлади.

Бекобод туман судининг ҳукмига биноан МИБ давлат ижрочиси Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 210-моддаси 2-қисми «в» банди ва 168-моддаси 3-қисми «в» банди билан айбдор деб топилиб, 2 йил муддатга хуқуқни муҳофаза қилувчи органларда, давлат иштирокидаги ташкилотларда раҳбарлик ва моддий жавобгарлик билан боғлиқ лавозимларда ишлаш хуқуқидан маҳрум қилиниб, 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

 

Ўзбекистон