«Афросиёб» поезди рельсига темир-бетонни қасддан жойлаб кетганлар 12-13 йилга қамалди

«Афросиёб» тезюрар поездига нисбатан қўпорувчилик ҳаракатини содир этган темирйўлчиларга суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Аниқланишича,«Темирйўлинфратузилма» АЖ Бухоро минтақавий темир йўл узели «Зиёвуддин темир йўл масофаси» корхонасида темир йўл тўсиқлари бўйича бригадири, корхонада штат бирлиги тугатилгач, у йўл созловчиси ва темир йўл тўсиқлари қўриқчиси вазифасига ишга ўтказилади.

Лекин, собиқ бригадир ўз норозилигини раҳбариятга кўрсатиб қўйиш мақсадида Кармана туманида яшовчи, 1992 й.т. ҳамкасби билан жиноий режа тузади.

Фуқаролар, жорий йилнинг 14 январь куни кечки вақт улар Самарқанд вилоятининг Пахтачи туманида жойлашган «Зиёвуддин-Навоий» темир йўл бекатлари оралиғининг 3872-км ҳудудига бориб, оғирлиги 110 кг бўлган темир-бетон шпални «Афросиёб» электропоезди ҳаракатланувчи темир йўл рельси устига кўндаланг ҳолатда қўйиб, воқеа жойидан яширинишади.

Орадан 15-20 дақиқа ўтиб, «Тошкент-Бухоро» йўналишида 159 км/с тезликда ҳаракатланаётган, жами 148 нафар йўловчиси бўлган «Афросиёб» тезюрар поезди темир-бетон шпал билан тўқнашади ва поездга жиддий шикаст етади.

Олиб борилган тезкор-қидирув ишлари давомида мазкур шахслар ушланиб, уларга нисбатан Жиноят Кодексининг 161-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилган.

Навбаҳор туман суди қонунбузарларни қўпорувчилик ҳаракатини содир этганликда айбдор деб топиб, уларнинг бирига 13 йил, иккинчисига эса 12 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.

Шунингдек, қўпорувчилик ҳаракати натижасида жиноятчилар томонидан «Афросиёб» поездига 260 млн сўм миқдорида зарар етказилганлиги сабабли, ушбу пул маблағи давлат ҳисобига ундирилган.

Янгиликлар