Тошкентда мобиль илова орқали фуқаролар номидан онлайн кредит олган шахс ушланди
Олинган кредитнинг 769,7 миллион сўмини қайтармасдан, ўз эҳтиёжлари учун сарфлаб юборган. Бу ҳақда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар бермоқда.

Фото: Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти
Хабарга кўра, фуқаро С.С. «R.L.» ва «O.N.» МЧЖларни норасмий равишда юритиб келиб, ушбу жамият раҳбарлари ва бошқалар билан олдиндан тил бириктириб, 34 нафар фуқароларни мазкур жамият ишчилари сифатида расмийлаштириб, уларнинг хабардорлигисиз тижорат банк филиаллари орқали JOYDA мобиль иловаси ёрдамида 897 миллион сўм онлайн кредит маблағларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 228-моддаси (ҳужжатларни қалбакилаштириш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.





