Ўзбекистонда 170 минг гектардан ортиқ ўрмонларни тиклашмоқчи

Яқинда (19-февраль) президент Шавкат Мирзиёев экология ва атроф-муҳитни ҳимоялаш соҳасида ўтказилаётган ишлар ва бўлажак режалар ҳақидаги тақдимот билан танишди.

Хусусан, тақдимотда Халқаро тараққиёт уюшмаси иштирокида амалга оширилаётган “Ўзбекистонда барқарор ўрмон ландшафтларини тиклаш” лойиҳаси ҳақида ҳам ахборот берилди.

Лойиҳанинг умумий қиймати $205 млн.дан зиёд бўлиб, 6 йил давомида амалга оширилади. Бу маблағ ўрмонлар ҳудудини кенгайтириш, ўрмон хўжаликлари моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, барқарор бошқарувни жорий этиш, экотуризм инфратузилмасини ривожлантириш каби мақсадларга йўналтирилади.

Ўрмонларни тиклаш ва муҳофаза қилишда инновацион бошқарув тизими ҳамда ахборот технологиялар жорий қилинади, деградацияга учраган ўрмон ерлари тикланади. Шунингдек, чегарадош ҳудудлардаги ландшафтни тиклаш бўйича қўшни давлатлар билан ҳамкорлик ривожлантирилади.

175 минг гектар ўрмонлар ва 38 минг гектар яйловларни қайта тиклаш, 19 минг гектарда агроўрмон ва 5 минг гектарда саноатбоп ўрмонлар барпо этиш, 63 километр эко йўлаклар ташкил қилиш режалаштирилмоқда.

 

Янгиликлар