Самарқандда 3 нафар аёлни Туркияга фоҳишаликка жўнатаётган фуқаро ушланди
Самарқанд аэропортида Қашқадарёда яшовчи уч нафар енгил табиат қизни Туркияга фоҳишаликка жўнатаётган аёл олинди. Бу ҳақда Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, Шаҳрисабз шаҳар ИИБга шаҳарнинг Ғалаба МФЙда яшовчи аёл Н.С. моддий томондан қийналган қизларни Туркияга фоҳишалик билан шуғулланишлари учун юбормоқчи бўлгани ҳақида хабар тушган.
Қайд этилишича, фуқаро Н.С. Туркияда бўлган таниши Т.Д. ва бошқалар билан олдиндан ўзаро жиноий тил бириктирган. Сўнг, 25-30 ёшли енгил табиатли У.Ш. А.Г. ва Ж.Л.гa «Самарқанд–Туркия» йўналишидаги самолётга ўз ҳисобидан 1 500 AҚШ долларига чипта сотиб олиб берган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноий иш қўзғатилиб, тергов-суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.





