Президент Термиз — Мозори Шариф — Кобул — Пешовар темир йўли қурилишини маълум қилди
Президент журналистлар билан учрашувда Термиз — Мозори Шариф — Кобул — Пешовар темир йўли қурилишининг илк босқичлари учун Жаҳон банки томонидан маблағ ажратилишини маълум қилди, деб хабар қилмоқда «Газета.uz».

Маълум бўлишича, мазкур лойиҳага Жаҳон банки томонидан бу лойиҳага илк босқичлар учун 35 миллион доллар маблағ ажратилади.
«Ўзбекистон шароитида энг катта масала биз катта-катта портларга чиқиш йўлимиз йўқ, инфратузилмамиз йўқ. Аввал ҳамма чегараларимиз мустаҳкам ёпилган эди. Агар ҳозир Сурхондарё ҳақида гапирсак, менинг бу ерда туришимга сизлар ҳам ҳайрондирсизлар. Нимага бу ерга президент келди? Мен бу ерда кўп раҳбарлар билан «Аср лойиҳаси»ни муҳокама қилиш учун, аввало, Афғонистон раҳбарини ҳайрихоҳ қилиш учун келдим. «Термиз — Мозори Шариф — Кобул — Пешовар» деган темир йўл лойиҳасини қуришдан ҳаммангиз хабардор бўлдингиз. Тошкентда «Аср лойиҳаси» қурилиши лойиҳасига Покистон, Афғонистон ва Ўзбекистон вакиллари ўтириб қўл қўйди», — деди президент.
«Нима учун катта банклар бундай лойиҳаларга пуллар беради? Уларнинг таҳлили шундайки, агар бир ҳақиқатанам Жанубий Осиё билан Ўрта Осиёни боғлайдиган йўл қилсак бу йўлнинг ҳам иқтисодий, ҳам хавфсизлик томони бор. Агар шу йўлни амалга оширсак биз афғон халқининг иқтисодини кўтарган бўламиз. Шу билан бирга, Эрон, Покистон портларига йўл очилади. Тасаввур қилинг, бу йўллар орқали битта контейнер юкимиз 3−4 баробар арзонлашса, вақти 4−5 бараварга қисқаради. Сурхондарёда етиштирилаётган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари, озиқ-овқат маҳсулотларини дунёга экспорт қилиш учун қисқа ва арзон йўллар керак», — дея қўшимча қилади Шавкат Мирзиёев.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Президент Шавкат Мирзиёев Сурхондарёда янги институт очилишини маълум қилди деб хабар қилган эдик.





