Ўзбекистон бўйича аста-секин иссиқ пасайиши давом этади — «Ўзгидромет»
Иссиқнинг бундай пасайиши 8 июль куни республика ҳудудининг шимоли-ғарбий ҳудудларида бошланган. Бу ҳақда Ўзгидромет хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Қорақалпоғистон, Хоразм вилояти ва чўл ҳудудларида 44-47 даража иссиқдан сўнг ҳарорат 32-37 даражагача пасаяди. Қолган ҳудудларда иссиқ бироз пасаяди. Ҳаво ҳарорати 35-40 даража, баъзи жойларда 42 даражагача, Сурхондарё вилоятида 44-46 даража атрофида бўлади.
Республика бўйича баъзи жойларда ҳаво массаси ўзгариши ҳисобига шамол тезлиги 15-20 м/с гача кучайиши кутилмоқда, баъзи жойларда чангли бўрон билан шамол тезлиги 25-30 м/с гача кучайиши мумкин.
Шунингдек, тоғ олди ва тоғли ҳудудларнинг баъзи жойларида қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин.
Қайд этилишича, пойтахтда ҳаво бироз булутли бўлади, вақти-вақти билан ўзгариб туради, ёғингарчилик кутилмайди. Шамол 5-10 м/с тезликда эсади, 12-17 м/с гача кучайиши мумкин. Ҳарорат 40-42 даража бўлади.





