Ўзбекистон президенти Администрацияси тўғрисидаги Конституциявий қонун Сенатга юборилди

Қонун лойиҳасида Президент Администрациясининг мақоми, фаолиятининг асосий тамойиллари, тузилмаси ва ишни ташкил этиш тартиби, давлат органлари ва ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорлик механизмлари, шунингдек, ПА мансабдор шахслари, раҳбарияти ва ходимлари фаолиятининг кафолатлари батафсил белгилаб берилмоқда

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари «Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси тўғрисида»ги конституциявий қонун лойиҳасини Сенатга юборди, деб хабар бермоқда парламент қуйи палатаси матбуот хизмати.

Мазкур қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Конституцияси талабларидан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқилган бўлиб, Президент Администрациясининг давлат бошқаруви тизимидаги ўрни, ҳуқуқий мақоми ва фаолиятининг асосий йўналишларини конституциявий қонун даражасида белгилашга қаратилган.

Лойиҳада Администрация президент томонидан шакллантирилиши, шунингдек Администрацияга Президент томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган Администрация Раҳбари бошчилик қилиши белгиланмоқда.

Администрациянинг мақоми, фаолиятининг асосий принциплари, таркибий тузилиши ва фаолиятини ташкил этиш тартиби, унинг давлат ҳокимияти органлари ва ташкилотлари билан ўзаро алоқалари, Администрациянинг мансабдор шахслари, бошқарув ва хизматчи ходимлари фаолиятининг кафолатлари аниқ белгилаб берилмоқда.

Бундан ташқари, қонун лойиҳаси билан Администрациянинг давлат органлари ва ташкилотларининг комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари билан алоқалари очиб берилган.

Қонун лойиҳасини тайёрлашда халқаро ва хориж тажрибаси ўрганиб чиқилган. Хусусан, АҚШ, Финляндия, Чехия, Словакия, Руминия, Латвия, Тайван, Қозоғистон, Туркманистонда Президент администрацияси (канцелярияси, офиси)нинг ҳуқуқий мақоми алоҳида қонунларда белгиланган.

Таъкидланганидек, қонун лойиҳаси барча сиёсий партиялар фракцияларида ҳамда масъул қўмитада атрофлича муҳокама қилинди. Муҳокамаларга ҳуқуқшунос олимлар, соҳа мутахассислари ва экспертлар жалб этилди. Иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида келиб тушган ҳар бир таклиф моддама-модда кўриб чиқилиб, долзарб ва асосли деб топилган таклифлар қонун лойиҳасида ўз ифодасини топди.

Мазкур конституциявий қонун лойиҳасининг қабул қилиниши Президент фаолиятини ташкилий, ҳуқуқий ва таҳлилий жиҳатдан таъминлашнинг ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш, давлат органлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда бошқарув жараёнларининг самарадорлигини оширишга хизмат қилиши қайд этилди.

Муҳокамалар якунига кўра, қонун лойиҳаси депутатлар томонидан учинчи ўқишда қабул қилинди ва Сенатга юборилди.

Ўзбекистон