Тошкент Миллий боғида тўрт ёшли қизча чўкиб кетди

Ҳолат юзасидан суд-тиббий экспертизаси тайинланган бўлиб, ҳозирда текширув тадбирлари олиб борилмоқда

Тошкентдаги Ўзбекистон Миллий боғи ҳудудидаги кичик кўлда тўрт ёшли қизча чўкиб кетди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар бермоқда.

Ҳодиса 5 август куни соат 16:30 ларда содир бўлган. Маълумотларга кўра, аёл ҳудуддаги пляжга икки нафар тўрт ва саккиз ёшли набиралари билан келган.

Чўмилиш вақтида тўрт ёшли қизча сув остида қолиб кетган ва оқибатда чўкиб кетган. Ҳодиса жойига етиб келган тез ёрдам ходимлари болага биринчи ёрдам кўрсатишган, бироқ қизчанинг ҳаётини сақлаб қолишнинг имкони бўлмаган.

Ҳозирда, ҳодисанинг аниқ сабабини аниқлаш учун суд-тиббий экспертизаси тайинланиб, текширув тадбирлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистон