Ўзбекистоннинг олти вилоятида қор кўчкиси хавфи эълон қилинди
Ўзбекистоннинг Қашқадарё, Самарқанд, Жиззах, Тошкент ва Наманган вилоятларида қор кўчиш хавфи эълон қилинди. Бу ҳақда «Ўзгидромет» хабар берди.
Маълум қилинишича, бунга 20-25 март кунлари кутилаётган ёғингарчилик ҳамда ҳаво ҳароратининг ўзгариши сабаб бўлади. Ушбу ҳудудлар:
• Қашқадарё вилояти: Деҳқонобод, Китоб, Қамаши, Шаҳрисабз туманларида;
• Сурхондарё вилояти: Бойсун, Қумқўрғон, Сариосиё, Узун туманларида;
• Самарқанд вилояти: Нуробод, Қўшработ, Самарқанд, Ургут туманларида;
• Жиззах вилояти: Бахмал, Зомин туманларида;
• Тошкент вилояти: Бўстонлиқ, Оҳангарон ва Паркент туманлари (Чотқол тизмасининг тоғлари);
• Наманган вилояти: Поп тумани.
Тоғли ҳудудларда истиқомат қилувчи фуқаролар, дам олувчилар ҳамда тоғли ҳудудларда ҳаракатланувчи ҳайдовчилардан эҳтиёткорлик чораларини кўриш сўралган.