Шимолий вокзалдан ҳаракатланадиган поездлар вақтинча Жанубий вокзалдан қатнайди
Жорий йилнинг 15 сентябрдан 15 октябргача “Тошкент-Марказий” (Шимолий) темир йўл вокзалидан ҳаракатланиб келаётган аксарият поездлар қатнови “Тошкент-Жанубий” (Жанубий) темир йўл вокзалидан амалга оширилади.
Айтилишича, “Тўқимачи” ҳамда “Тошкент-йўловчи” темир йўл бекатлари оралиғидаги темир йўлда техник таъмирлаш ишлари олиб борилади.
Бир ой мобайнида юқори тезликда ҳаракатланувчи «Афросиёб» электропоездлари, “Шарқ” (Тошкент – Бухоро – Тошкент), “Насаф” (Тошкент – Қарши – Тошкент), “Ўзбекистон” (Тошкент – Андижон – Тошкент) ҳамда халқаро йўналишлардаги Тошкент – Волгоград – Тошкент, Душанбе – Тошкент – Душанбе йўловчи поездлари “Тошкент-Жанубий” темир йўл вокзали ҳудудидан рейсларини амалга оширади.
“Йўловчиларга қулайлик яратиш мақсадида “Тошкент-Марказий” ҳамда “Тошкент-Жанубий” темир йўл вокзалларидаги барча чиптахоналар тун-у кун фаолият кўрсатади. Бундан ташқари чипталарни электрон тарзда ҳам харид қилиш мумкин. “Тошкент-Жанубий” темир йўл вокзалидаги кутиш заллари, вокзалга киришда 3 та бир босқичли назорат ўтиш пунктлари доимий равишда йўловчиларга хизмат қилади”, дейилади хабарда.
Шунингдек, бир ой мобайнида “Тошкент-Марказий” темир йўл вокзалидаги чиптахоналардан поезд жўнашидан олдин чипта харид қилган, ёки янглишиб “Тошкент-Шимолий” вокзалга келиб қолган йўловчиларни “Тошкент-Жанубий” темир йўл вокзалига олиб бориш учун вақтинча бепул автобуслар қатновлари йўлга қўйилади.
Реконструкция ишлари амалга оширилганидан кейин, мазкур ҳудуддаги темир йўлда поездларни ўтказувчанлиги янада ортиши ҳамда юк поездларининг тўхтовсиз ҳаракатланишига имконият яратилиши кутилмоқда.