Шавкат Мирзиёев Александр Вучич билан музокаралар ўтказди
Ўзбекистон ва Сербия ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди

Белграддаги Сербия саройида Ўзбекистон етакчиси Шавкат Мирзиёев ва Сербия президенти Александр Вучичнинг юзма-юз ва расмий делегациялар иштирокидаги музокаралари бўлиб ўтди.
Учрашув аввалида Шавкат Мирзиёев Сербия етакчисига самимий қабул ва меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдириб, Ўзбекистон президентининг Белградга илк ташрифи мамлакатлар ўртасидаги муносабатларда янги босқичнинг бошланиши сифатида тарихга киришини таъкидлади.
Сиёсий мулоқот, парламентлараро алоқалар, савдо-иқтисодий ҳамкорлик ҳамда ишбилармонлик ва гуманитар алмашинувлар фаоллашгани катта мамнуният билан қайд этилди. Келажакда дипломатик ваколатхоналар очилиши ва парламентлараро форум ташкил этилиши муносабатларни янада чуқурлаштиришга хизмат қилиши таъкидланди.

Савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқалар ҳамкорликнинг мустаҳкам пойдеворига айланмоқда. Йил бошидан буён юқори даражадаги делегациялар иштирокида қатор иқтисодий тадбирлар муваффақиятли ташкил этилди.
Кеча Ҳукуматлараро комиссиянинг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди. Бугун икки мамлакатнинг етакчи компаниялари вакиллари иштирокида Ўзбекистон – Сербия бизнес форуми ўтказилади.
Ўзаро савдо ҳажмини биринчи навбатда талаб юқори бўлган товарлар етказиб беришни кенгайтириш ҳисобига ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Бу борада Эркин савдо тўғрисидаги битимни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш, стандартлаштириш соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, ўзаро кўргазмалар ташкил этиш муҳимлиги таъкидланди.

Бундан ташқари, келгуси йили Ўзбекистон Белград шаҳрида бўлиб ўтадиган «EXPО-2027» халқаро кўргазмасида ўзининг миллий павильони билан фаол иштирок этиши қайд этилди.
Транспорт ва логистика, енгил ва озиқ-овқат саноати, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, тиббиёт ва рақамли иқтисодиёт каби устувор йўналишларда янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди. Автомобиль қисмлари, ускуналар, электр техника ва электроника ишлаб чиқариш борасида саноат кооперациясини ривожлантириш учун катта салоҳият мавжудлиги таъкидланди.
Барча келишувларни сифатли амалга ошириш мақсадида 2026-2028 йилларга мўлжалланган саноатда шерикликни ривожлантириш бўйича қўшма ҳаракатлар режаси қабул қилинди.
Ҳудудлараро ҳамкорликни янада ривожлантириш муҳимлиги хусусида сўз борди. Етакчилар Самарқанд вилояти ва Воеводина ҳамда Самарқанд ва Нови-Сад шаҳарлари ўртасида тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатилганини олқишладилар.
Гуманитар соҳада таълим, маданият, спорт ва туризм йўналишларида ҳамкорликни кенгайтириш бўйича ташаббуслар илгари сурилди. Маданият кунлари, кино, театр ва мусиқа фестивалларини биргаликда ўтказиш ҳамда спорт федерациялари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ривожлантиришга келишиб олинди.
Тартибли меҳнат миграцияси масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Сербия томони ушбу соҳада тизимли ҳамкорликни йўлга қўйишга қизиқиши юқори экани қайд этилди. Президентлар ташриф доирасида Меҳнат мобиллиги ва миграцияси тўғрисидаги битим қабул қилинганини олқишладилар.
Минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар, жумладан, кўп томонлама тузилмалар доирасида ўзаро қўллаб-қувватлаш юзасидан ҳам атрофлича фикр алмашилди.
Эришилган келишувлар, қабул қилинган қарор ва битимларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш мақсадида кенг қамровли «йўл харитаси» қабул қилинади.





