Ўзбекистон PISA 2025 рейтингида 48-ўринга кўтарилди
Жумладан, 2025 йилда натижа қарийб 83 баллга ошган

Ўзбекистон дунё бўйлаб 91 та таълим тизими қаторида Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (OECD) томонидан ўтказиладиган PISA 2025 халқаро тадқиқотида иккинчи бор иштирок этди.
Маълумот учун, PISA халқаро тадқиқотлари 2000 йилдан буён ҳар 3 йилда бир маротаба ўтказиб келинади. Унда, табиий фанлар бўйича Ўзбекистон ўқувчилари 438 балл тўплаб, 91 та давлат ва таълим тизими орасида 48-ўринни эгаллади.
Таққослаш учун, PISA 2022да табиий фанлар бўйича натижа 355 балл ва 80-ўринни ташкил этган. Шу тариқа, 2025 йилда натижа қарийб 83 баллга ошган.
Халқаро ташкилот тасодифий репрезентатив танлов асосида республика бўйлаб жами 233 та мактабни танлаб олди. Тадқиқотда 15 ёшли 8 652 нафар ўқувчи иштирок этди. Илк бор 2022 йилги тадқиқотда Ўзбекистоннинг 202 та мактабидан 7 293 нафар ўқувчи қатнашган эди.
Натижаларга кўра, Ўзбекистон томонидан иштирок этувчи ўқувчилар ҳамда қамраб олинган мактаблар сони ўтган сафаргига нисбатан ошган. Тадқиқотда ўқувчиларнинг математика, табиий фанлар, ўқиш ва рақамли саводхонлик соҳаларидаги даражаси баҳоланади.
Шунингдек, PISA 2025 да табиий-илмий саводхонлик устувор соҳа сифатида белгиланди. Мазкур халқаро баҳолаш дастуридаги муваффақиятли иштирок Ўзбекистон ёшларининг илм-фанга бўлган қизиқишини янада ошириб, таълим сифати бўйича қўйилган улкан мақсадларга эришишда ва янги марраларни забт этишда муҳим пойдевор бўлади.





