Европа Иттифоқи ўзбек дастурхонларига хавфсиз ва тўйимли озиқ-овқат қўйишга қандай ёрдам бермоқда
COVID-19 пандемияси дунёнинг барча мамлакатларини беқарорлаштирди ва озиқ-овқат тизимларимиз заифлигини эслатди. Пандемия натижасида Ўзбекистонда кўплаб одамлар даромад манбаларидан айрилишди. Қишлоқ аҳолиси пандемия оқибатларидан энг кўп жабр кўрганлар қаторига кирди. Ўзбекистон сўнгги 20 йил ичида очарчиликка барҳам беришда ажойиб ютуқларга эришаётган бўлсада, афсуски, COVID-19 унинг юксалишини секинлаштирди. БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) маълумотларига кўра, 2020 йилда Ўзбекистонда озиқ-овқат танқислигининг кескин ўсиши кузатилган ва бу аҳолининг 5,6 фоизига таъсир кўрсатган.
«Ўзбекистон каби икки карра денгизга чиқиш имкони йўқ давлат сифатида пандемия даврида ҳам, ҳозирги Украинадаги уруш пайтида ҳам таъминот занжирлари жуда заиф эканлиги ва уларни кучайтириш зарурати борлиги исботланган», — дейди Адриан Нил, бошқарувчи эксперт. Европа Иттифоқининг Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳасида техник ёрдами бўйича етакчи мутахассис.
Шунинг учун озиқ-овқат таъминоти хавфсизлиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги Ўзбекистон учун азалдан устувор масалалар бўлиб келишган. Европа Иттифоқининг техник кўмагида яратилган Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020 — 2030 йилларга мўлжалланган стратегиясида озиқ-овқат таъминоти хавфсизлиги биринчи ўриндаги устувор вазифадир. Озиқ-овқат хавфсизлиги эса «Қулай агробизнес муҳитини ва қўшилган қиймат занжирини яратиш» деб номланган иккинчи устувор йўналишнинг муҳим жиҳати ҳисобланади. Аммо бу атамалар нимани англатиши ҳақида кўпинча нотўғри тушунчалар мавжуд, шунинг учун уларни тўғри таърифлаш муҳимдир.
Бутунжаҳон озиқ-овқат саммити озиқ-овқат таъминоти хавфсизлигини «барча одамлар, ҳар доим» фаол ва соғлом ҳаёт кечиришлари учун уларнинг парҳез эҳтиёжлари ва озиқ-овқат афзалликларига жавоб берадиган етарли, хавфсиз ва тўйимли озиқ-овқат билан жисмоний ва иқтисодий жиҳатдан фойдалана олиш имониятига эга бўлишлари деб таърифлаган. БМТнинг ФАО маълумотларига кўра эса, озиқ-овқат хавфсизлиги инсон саломатлигига зарар етказадиган моддалардан холи бўлган ва шунинг учун истеъмол қилиш учун хавфсиз бўлган озиқ-овқатга эга бўлишни мақсад қилади. Озиқ-овқат таъминоти хавфсизлиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги узвий боғлиқдир. Худди шунингдек, бу мавзулар Европа Иттифоқининг «Яшил келишувида» ва 2030 йилгача бутун дунё бўйлаб эришилиши керак бўлган «ноль очлик» мақсадини ўз ичига олган Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор ривожланиш мақсадларида муҳим ўрин тутишади.
Озиқ-овқат таъминоти хавфсизлиги бўйича йўл харитаси
Табиийки, озиқ-овқат таъминоти хавфсизлиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги Ўзбекистон билан Европа Иттифоқи ҳамкорлигининг асосий мақсадларидан биридир. Масалан, Европа Иттифоқи 2020 йилда Ўзбекистон учун «Озиқ-овқат хавфсизлиги ва соғлом овқатланиш стратегияси (FSNS) ва йўл харитаси»ни ишлаб чиқишда техник ёрдам таклиф қилди.
Ушбу Стратегияни ишлаб чиқишда техник ёрдам кўрсатганлардан бири бўлган Адриан Нилнинг айтишича, «баъзи маҳсулотларни ишлаб чиқаришни рағбатлантириш ҳали ҳам мамлакатнинг асосий озиқ-овқат хавфсизлиги сиёсати бўлиб қолмоқда.» Ҳолбуки, «озиқ-овқат хавфсизлигининг замонавий таърифларида ҳамма нарса озиқ-овқат мавжудлик, етарлилик, арзонлик ва барқарорлик ҳақидадир. Ва бу, албатта, импортдан ҳам ва маҳаллий ишлаб чиқаришдан ҳам келиб чиқиши мумкин.»
«Европа Иттифоқининг ASK Facility кўмагида биз Ўзбекистондаги озиқ-овқат хавфсизлигини меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш орқали яхшилаяпмиз. Биз «Озиқ-овқат хавфсизлиги ва соғлом овқатланиш» тўғрисидаги Миллий қонун лойиҳаларини янгиладик ва ерга эгалик ҳуқуқини ҳимоя қилишнинг янада шаффоф тизимини яратиш бўйича кўриладиган чора-тадбирларни муҳокама қилдик», — дейди Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Алишер Шукуров.
2020 йилда эса Европа Иттифоқи YUNESKO томонидан 2020-2024 йилларда амалга оширилаётган «Ўзбекистоннинг қишлоқ ҳудуларида иш билан таъминлаш кўникмаларини ривожлантириш» лойиҳасига 9,6 миллион евро ажратди. Лойиҳа қишлоқ жойларда бандликни яхшилаш орқали турмуш даражасини яхшилаш ҳамда Ўзбекистондаги аёллар ва эркакларни барқарор, диверсификацияланган ва модернизация қилинган қишлоқ хўжалиги учун тегишли кўникмалар билан таъминлашга қаратилган. Бу, шунингдек, мамлакатда барқарор турмуш шароити ва озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлайди.
Ҳамма учун хавфсиз озиқ-овқат
Озиқ-овқат хавфсизлиги масаласига келсак, Европа Иттифоқи томонидан молиялаштириладиган АСК Фаcилитй гуруҳи раҳбари Адриан Нил шундай тушунтиради:
«Агар сиз қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат учун экспортга асосланган ўсиш дастурини излаётган бўлсангиз, сизга халқаро савдо стандартлари талабларига жавоб берадиган сифатли ишлаб чиқариш керак бўлади.» Ўзбекистондан бошқа мамлакатларга экспорт қилинадиган ҳар қандай маҳсулот максимал пестицид ва ифлослантирувчи қолдиқлар каби қатъий мезонларга жавоб бериши керак.
2019 йилдан буён Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги соҳасида ишлаб келаётган А. Нил шундай дейди:
«Мамлакатда синовлар етарлича ўтказилмаганлиги ва синовдан ўтказиш имкониятининг чекланганлиги озиқ-овқат хавфсизлиги тизимига путур етказмоқда. Аммо, эҳтимол, бундан ҳам муҳими, фермерларга қандай пестицидлардан фойдаланишни, уларни қачон ишлатишни, қанча фойдаланишни ва бошқа кўплаб қишлоқ хўжалиги амалиётларини ўргатадиган фермер хўжаликлари даражасида сифатни таъминлаш тизимларининг етишмаслигидир.»
Шу мақсадда Европа Иттифоқи Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда иккита стратегиядан фойдаланмоқда: лабораторияларда синов қувватларини ошириш ва фермерларга маълумотлар олиш имкониятини осонлаштириш.
«Биз биринчи навбатда Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар тизимига сармоя киритиш устида ишлаяпмиз, экспортга яроқли сифатли маҳсулот етиштириш учун зарур бўлган билим ва маълумотларни олиш имкониятини оширишга ҳаракат қилмоқдамиз. Умид қиламизки, вақт ўтиши билан, ушбу хизматлар ва билимлар тўпланиб борар экан, фермерлар биринчи навбатда ўзларининг ички истеъмолчиларини ҳимоя қилиш ва охир-оқибат халқаро бозорларга чиқиш кераклигини чинакам тушунишади.» Европа Иттифоқи Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар тизими (AKIS) лойиҳасига 4,15 миллион евро ҳисса қўшган. Унинг мақсади озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги соҳасида «яшил» иқтисодиётга инклюзив ўтиш ва «иқлимга мос» Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги билимлари ва инновацион тизимини жорий этишга ҳисса қўшишдан иборат.
Иккинчи стратегияга келсак, Европа Иттифоқи «Боғдорчиликни ривожлантириш» лойиҳаси доирасида Ўзбекистонда илмий тадқиқот институтлари ва ўсимликлар карантини ва муҳофазасини қўллаб-қувватлаш хизматларини ривожлантириш учун 5,8 миллион АҚШ долларидан ортиқ маблағ ажратди. Ушбу лойиҳалардан мақсад ўсимликлар селекцияси, уруғчилик ва ўсимликларни ҳимоя қилиш бўйича хизматларини қўллаб-қувватлаш ва илмий-тадқиқот қувватларини модернизация қилиш, шунингдек, маҳсулот сифати халқаро стандартларини жорий этишдан иборат. Бундай илмий-тадқиқот институтлари кейинчалик Европа Иттифоқининг молиявий кўмаги билан жиҳозланган замонавий лабораторияларида тупроқ, сабзавот ва меваларнинг биокимёвий таҳлилини ўтказиши мумкин. Европа Иттифоқининг кўмаги, шунингдек, ходимларни қўшимча ўқитиш учун зарур бўлган маблағлар ажратишни ҳам ўз ичига олади.
Масалан, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги «Боғдорчиликни ривожлантириш» лойиҳаси доирасида Европа Иттифоқидан молиявий ёрдам олди. Агентлик ҳар куни 500 га яқин намуналарни қабул қилиб, импорт қилинадиган озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда экспортга мўлжалланган маҳсулотлар сифати ва хавфсизлигини синовдан ўтказади. Агентлик маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга ўз маҳсулотларини хорижда сотиш имконини берувчи сертификатлар беради. Бугунги кунга қадар Европа Иттифоқи унинг лабораторияларини замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш ва ходимларини улардан фойдаланиш бўйича ўқитишни таъминлаб, 1,3 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратди.
«Бизнинг лабораториямиз Европа Иттифоқи томонидан жиҳозланган, яъни биз озиқ-овқат маҳсулотларини тезроқ ва ишончли синовдан ўтказишимиз ва бу маҳсулотлар истеъмолчилар учун хавфсиз бўлишини таъминлашимиз мумкин.» — дейди Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги лабораторияси мудири Севара Ходжаева.
Ҳамкорлик орқали кучли қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳаси
Ўзбекистон COVID-19 пандемияси оқибатларидан халос бўлиб, таъминот занжирларини мустаҳкамлашни мақсад қилган экан, озиқ-овқат таъминоти хавфсизлиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги ҳар қачонгидан ҳам муҳимроқдир. Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳасига сармоя киритиш нафақат ушбу соҳада меҳнат қилаётган миллионлаб ўзбекистонликларга, балки арзон, хавфсиз ва барқарор етиштирилган озиқ-овқат маҳсулотларига боғлиқ бўлган аҳолига ҳам фойда келтиради.
Реклама ҳуқуқи асосида.