Тошкент метросининг «Турон» ва «Қипчоқ» бекатлари вақтинча ёпилади

8 июндан бошлаб Тошкент метрополитенининг «Ерусти ҳалқа йўли» йўналишидаги «Турон» ва «Қипчоқ» бекатлари вақтинча ёпилади. Бу ҳақда пойтахт метрополитени матбуот хизмати хабар берди.

Таъкидланишича, мазкур чоралар режали профилактик техник ишлар доирасида амалга оширилмоқда. Профилактика 14 та бекатдан иборат «Ерусти ҳалқа йўли» йўналиши бўйлаб босқичма-босқич ўтказилади ва y 3 ойга мўлжалланган.

Дастлабки босқичда «Турон» (13-бекат) ва «Қипчоқ» (14-бекат) оралиғида поездлар ҳаракати вақтинча тўхтатилади.

Йўловчилар учун қулайлик яратиш мақсадида «Қипчоқ» — «Қурувчилар» — «Қипчоқ» йўналишида катта сиғимли, бепул автобуслар қатнови ташкил этилади. Улар ҳар куни соат 05:00 дан 23:00 гача ҳаракат қилади.

Метрополитен маъмурияти бу каби техник хизматлар жаҳон тажрибасига асосланиб, янги барпо этилган эстакада ва бекатларда уларни маълум муддат ишлатгандан сўнг режали равишда амалга ошириш зарурлигини билдирган.

 

Тошкент