Брянск вилоятида йўловчи поeзди устига кўприк қулаши оқибатида 7 киши ҳалок бўлди
Брянск вилоятида автомобиль кўприги темирйўл устига қулаб тушиши оқибатида Москвага ҳаракатланаётган йўловчи поeзди рельсдан чиқиб кетди. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Дастлабки маълумотларга кўра, ҳодиса оқибатида 7 киши ҳалок бўлган, 70 нафар киши жароҳатланган.
Москва темирйўллари бошқармаси хабарига кўра, 31 май куни соат 22:44 да Пильшино — Выгоничи участкасида 86-сонли Климово–Москва йўналишидаги йўловчи поeзди рельсдан чиққан. Сабаб сифатида автомобиль кўпригининг қулаб тушиши ва бунга олиб келган «транспорт фаолиятига ноқонуний аралашув» кўрсатилган. Ҳозирча бу аралашувнинг айнан нимада ифодалангани расман очиқланмади.
Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълум қилишича, қутқарувчилар ҳозирда вайронага айланган вагон бўлакларини олиб ташлаш ишларини олиб бормоқда. Терговчилар эса воқеа жойида текширувни бошлаган. Россия Тергов қўмитаси ҳодисага оид расмий версияларни ҳозирча билдирмаган.
Брянск вилояти губернатори Александр Богомазнинг билдиришича, жароҳат олганлар касалхоналарга жойлаштирилган, оғир ҳолатдагилар зарурият туғилса, Москва шифохоналарига ҳаво йўли орқали етказилади. Жароҳат олмаган йўловчилар Брянск вокзалига олиб борилган, Москвага эса захира поeзди юборилган.
Ҳодиса вақтида кўприк устида «Мираторг» компаниясига тегишли юк машинаси бўлган. Унинг ҳайдовчисига тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. Айни пайтда А-240 автомобиль йўли ҳаракати тўхтатилган.
Қайд этилишича, воқеа жойи — Климово шаҳри яқинидаги темирйўл участкаси — Брянскка етмасдан жойлашган бўлиб, поeзд у ерда 23:00 дан кейин тўхташи керак бўлган.