Ҳиндистондаги тошқинлар оқибатида 34 киши ҳалок бўлди
Ҳиндистоннинг шимоли-шарқида кучли ёмғирлар ва тошқинлар оқибатида камида 34 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.
Хабарга кўра, табиий офат натижасида кўплаб ҳудудларда ер кўчкилар юзага келиб, одамлар ва транспорт воситалари сув остида қолган.
Сиккимдаги тоғли ҳудудларда мингдан ортиқ сайёҳ қутқарув ва эвакуация ишлари доирасида хавфсиз жойларга кўчирилмоқда. Мегҳалая штатида эса сув босган ҳудудлардан 500 дан ортиқ одамни қутқариш учун Ҳиндистон армияси жалб қилинган.
Қайд қилинишича, Манипурда жойлашган Жаҳарлал Неру тиббиёт институти касалхонаси сув тошқини натижасида жиддий зарар кўрган. Қутқарувчилар касалхона беморларини тиббий аравачада олиб чиқишга мажбур бўлмоқда.
Ҳиндистон об-ҳаво хизмати яқин кунларда ёмғирларнинг давом этишини огоҳлантириб, аҳолини эҳтиёткорликка чақирмоқда.
Мутахассислар мамлакатдаги гидротехник инфратузилманинг етишмаслиги ва табиий офатларга тайёргарлик даражасининг пастлигини танқид қилмоқда.