Электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланди
Электр энергиясидан ноқонуний фойдаланганлик ҳолатлари аниқланиб, жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент хабар берди.
Қайд қилинишича, Нукус шаҳрида «Т.Г.» МЧЖ масъуллари Турткўл кўп тармоқли техникумининг ётоқхона биносида электр тармоғига ўзбошимчалик билан уланиб, тижорат мақсадида 284,1 млн сўмлик электр энергиясидан фойдаланиб келгани маълум бўлган.
Андижон шаҳрида эса фуқаро К.Я. маиший хизмат биносида 217,8 млн сўмлик электр энергиясини ноқонуний ишлатгани аниқланган.
Шунингдек, Қашқадарёнинг Деҳқонобод туманида фуқаро М.Ш. рўйхатдан ўтмасдан тегирмон ташкил этиб, 117,9 млн сўмлик электр энергиясидан фойдаланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари давом этмоқда.