Украина Россиянинг ҳарбий аэродромларига дронлар билан зарба берди
1 июнь, якшанба куни Украина дронлари Россиядаги бир нечта ҳарбий аэродромларга зарба берди. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Маълумотларга кўра, бу ҳужумда 40 дан ортиқ самолёт, жумладан, А-50, Тy-95 ва Тy-22 М3 турдаги самолётлар шикастланган.
Россия Мудофаа вазирлиги ҳам Украина томонидан ҳарбий аэродромларга ҳужум қилинганини тасдиқлаб, «бир нечта авиация техникаси ёниб кетганини» маълум қилган. Дронлар юк машинасидан учиб чиққан.
Россия ҳарбий идорасига кўра, дронлар ҳужумига Россиянинг бешта ҳудудидаги ҳарбий аэродромлар — Мурманск, Иркутск, Иваново, Рязан ва Амур вилоятларида жойлашган объектлар учраган.
Россия Мудофаа вазирлиги бу ҳужумларни «Киев режими томонидан амалга оширилган террорчилик ҳаракати» деб атади.
Вазирлик хабарига кўра, Иваново, Рязан ва Амур вилоятларидаги ҳарбий аэродромларга қилинган барча ҳужумлар муваффақиятли равишда қайтарилган.
Бироқ Иркутск ва Мурманск вилоятларида FPV-дронлар билан амалга оширилган ҳужумдан сўнг бир нечта авиация техникаси ёниб кетгани қайд этилган. Аммо зарарланган самолётлар сони аниқ айтилмаган.