Тошкент вилоятида синов тариқасида синтетик метан ишлаб чиқариш йўлга қўйилди

Тошкент вилояти Ангрен шаҳрининг «Янгиобод» маҳалласида Япония технологияларига асосланган газ таъминоти тизими синов тариқасида ишга туширилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Лойиҳа «Ҳудудгазтаъминот» АЖ ва Япониянинг ITO Corporation компанияси ҳамкорлигида амалга оширилмоқда. Унинг доирасида пропан ва ҳаво аралашмасидан синтетик метан газини ишлаб чиқарувчи қурилмалар ўрнатилиб, пилот ҳудудда айнан ушбу метан ёрдамида кўп қаватли уйлар газ билан таъминланмоқда.

Қайд қилинишича, ташаббус Япония Иқтисодиёт, савдо ва саноат вазирлиги кўмагида амалга оширилган бўлиб, мамлакатда энергия самарадорлигини ошириш ва экологик тоза технологияларни жорий этишга қаратилган стратегик йўналишлар доирасида олиб борилмоқда.

Ҳозирда лойиҳа бўйича ишлар давом эттирилмоқда ва ушбу технологияларни республика бўйлаб кенгайтириш режалаштирилган.

Ўзбекистон