БАА аэропортида ўзбекистонликлар ушлаб турилганига изоҳ берилди
БААга келган ўзбекистонликлар аэропортда узоқ текширувдан ўтмоқда. ТИВ хавфсизлик чоралари кучайгани сабабли кечикишлар борлигини маълум қилди ва вазиятни яхшилаш учун иш олиб борилаётганини билдирди.
«Тошкент – Шаржа» авиарейси орқали БAAга келган 100 дан ортиқ ўзбекистонлик фуқаролар аэропортда беш соатдан ортиқ вақт давомида ушлаб турилгани ҳақида ижтимоий тармоқларда хабарлар тарқалди. Улар футбол бўйича ЖЧ саралаш босқичидаги ўйинни томоша қилиш учун борган эди.
Ташқи ишлар вазирлиги ҳолат юзасидан муносабат билдириб, ўзбекистонликларнинг БААга киришдаги текширувлари чўзилаётгани ҳақида маълумот берди. Унга кўра, Ўзбекистоннинг Абу-Дабидаги элчихонаси ва Дубайдаги Бош консуллиги БАА расмий идоралари билан музокаралар ўтказган ва вазиятни юмшатиш бўйича доимий алоқада бўлиб турибди.
ТИВ текширувлар чўзилишининг сабаби сифатида БААда бўлиб ўтаётган халқаро тадбирлар муносабати билан хавфсизлик чораларининг кучайтирилганини кўрсатди.
Ҳозирда фуқароларни тезкор тарзда ўтказиш учун барча зарур чоралар кўрилмоқда ва улар мамлакатга кира бошлаган.