Макрон Ғазо инқирозига жавобан Исроилга санкциялар қўллаши мумкин

Франция президенти Эммануэл Макрон Ғазо секторидаги инсонпарварлик инқирозига жавобан Исроилга нисбатан санкциялар қўлланиши мумкинлигини билдирди. Бу ҳақда Al Jazeera хабар берди.

Макрон Сингапурга сафари давомида халқаро ҳамжамият фаластинликлар дуч келаётган очликка бефарқ бўлмаслиги кераклигини айтган.

Унинг сўзларига кўра, агар Исроил ҳукумати яқин кунларда инсонпарварлик вазиятига муносиб жавоб бермаса, Франция ва бошқа давлатлар Исроилга нисбатан санкцияларни кучайтиришга мажбур бўлади.

Шунингдек, Макрон Фаластин давлатини тан олиш нафақат ахлоқий бурч, балки сиёсий зарурат эканини қайд этиб, бироқ бундай қарор маълум шартлар асосида қабул қилиниши кераклигини таъкидлаган.

Малумотларга кўра, Исроил сўнгги ойлар давомида Ғазога озиқ-овқат ва дори-дармон киришини чеклаб келмоқда, бу эса ҳудудда инсонпарварлик инқирозини кучайтирмоқда. БМТ ва бошқа ташкилотлар ёрдам етишмаслиги ва тарқатишда юзага келаётган зўравонликлар ҳақида огоҳлантирмоқда.

Исроил ва Ҳамас ўртасида тинчлик музокаралари давом этаётгани, АҚШ томонидан янги таклиф илгари сурилгани, аммо Ҳамаснинг бу таклифни «Ғазода ўлим ва очликни давом эттириш» деб баҳолагани маълум қилинди.

Жаҳон