Tashkent city боғи сотилади
Шавкат Мирзиёев 18 март куни «Иқтисодиётда давлат иштирокини янада қисқартириш ва хусусийлаштиришни жадаллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорни имзолади.
Қарорга кўра, 2022 йил 1 апрелдан маҳалладаги ҳоким ёрдамчилари томонидан бўш турган давлат объекти ёки ерлар аниқланиб:
- 2000 квадрат метргача объектлар — ҳоким ёрдамчиларининг онлайн-буюртманомасига асосан тўғридан-тўғри электрон онлайн-аукционга чиқарилади;
- қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар — «Ерэлектрон» тизими орқали юборилган онлайн-буюртманома 3 кунда тегишли идоралар томонидан кўриб чиқилади ва ижобий хулоса бўлганда, 2 ҳафтада онлайн-аукционга чиқарилади.
Вазирлик ва идоралар, ҳокимликларнинг 3 ойдан кўп фойдаланилмасдан бўш турган объектлари уларнинг розилигисиз ижарага бериш ёки сотиш учун савдога чиқарилади.
- 2023 йил 1 апрелгача «Universal Mobile Systems» МЧЖни хусусийлаштириш чоралари кўрилади.
- «Ўздонмаҳсулот» АКнинг 25 та дон корхонаси 2022 йил 1 июлгача, қолганлари эса 2022 йил якунигача босқичма-босқич савдога чиқарилади.
- 2022 йил якунигача «Ўзсаноатқурилишбанк» АТБ ва «Асакабанк» АТБнинг давлат улушлари савдога чиқарилади.
- 2023 йил 1 июлгача АТ «Халқ банки», «Микрокредитбанк» АТБ, АТ «Алоқабанк», «Агро банк» АТБ, «Ўзмиллийбанк» АЖларнинг акциялари фонд биржаси орқали оммавий жойлаштирилади.
- Хусусийлаштиришда бошланғич нархни эълон қилмасдан талабгорларни музокараларга оммавий таклиф қилиш йўли билан сотиш услуби жорий этилади.
- Қарор билан оммавий савдолар орқали сотиладиган 1501 та кўчмас мулк объектлари рўйхати тасдиқланди. Рўйхатга Tashkent city боғи ҳам киритилган.